Сурхондарёнинг Вочах қишлоғида 30 апрель куни референдум ўтказилмагани, қишлоқ аҳлига бюллетень ҳам берилмагани айтилганди. МСК мазкур ҳудуд учун кўчма қути юборилгани, бироқ аксарият фуқаролар чорва молларига қараш учун тоғга чиқиб кетгани сабабли яшаш манзилида бўлмаганини маълум қилди.
МДҲ бош котиби, Ҳамдўстлик кузатувчилари миссияси раҳбари Сергей Лебедев Ўзбекистонда референдум «юқори ташкилий даражада, эркин ва очиқ муҳитда» ўтганини айтди. У хорижий ОАВдаги мамлакатдаги заиф ахборот кампанияси ҳақидаги хабарларни «бутунлай ёлғон» деб атади.
Ўзбекистон Конституциясининг янги таҳрири 1 майдан кучга кирди. У 6 бўлим, 27 боб ва 155 та моддадан иборат бўлади.
Марказий сайлов комиссияси янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституцияси бўйича референдумнинг якуний натижаларини эълон қилди. Маълумотларда катта ўзгаришлар бўлмади. Сайловда иштирок этганлар кўрсаткичи — 84,5%. Асосий қонунни ўзгартиришни сайловчиларнинг 90,2 фоизи ёқлади, 9,35 фоизи қарши овоз берди.
Марказий сайлов комиссияси референдум жараёнида қонунбузарлик кузатилган Сирдарё ва Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида жойлашган 3 та референдум участкасидаги овоз бериш якунларини ҳақиқий эмас деб топди.
Дастлабки маълумотларга кўра, якшанба куни бўлиб ўтган референдумда сайловчиларнинг 84,54 фоизи иштирок этди, деди МСК раиси Зайниддин Низомхўжаев. Конституцияга ўзгартириш киритишни ёқлаб сайловчиларнинг 90,21 фоизи овоз берди, 9,35 фоизи қарши чиқди.
Тошкентдаги 772-сайлов участкасида референдум ўтказиш бўйича участка комиссияси аъзоси кетма-кет 16 бюллетенни тўлдириб, «Ҳа» катагига белги қўйгани ҳолати юзасидан прокуратура ўрганиш ўтказмоқда.
Олий таълим вазирлиги университетлар маъмуриятлари талабаларни референдумда овоз беришга мажбурлаётгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди. Вазирлик талабаларни ҳуқуқлари бузилган тақдирда, ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилишга чақирди.
Марказий сайлов комиссияси участка комиссияси аъзоси кетма-кет бир нечта сайлов бюллетенининг «Ҳа» катакчасига белги қўйгани акс этган видеога муносабат билдирди. МСКнинг маълум қилишича, у ўзбошимчалик билан 16 та бюллетенни оила аъзолари номидан тўлдирган. Терговга прокуратура жалб қилинган.
Ўзбекистон Конституциясининг янги таҳрири бўйича референдумда овоз бериш учун соғлиғи туфайли сайлов участкасига ташриф буюра олмайдиган фуқаролар уйда овоз беришмоқда. «Газета.uz» мухбирлари участка комиссиялари аъзолари билан уларнинг уйига ташриф буюрди.
Ўзбекистон вилоятлари раҳбарлари ва Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси янги таҳрирдаги Конституция бўйича референдумда иштирок этди.
Қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида референдумда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган 9 679 нафар шахслар овоз бериши мумкин, дея маълум қилди ИИВ раҳбари ўринбосари Бекмурод Абдуллаев. Унинг билдиришича, соат 11:00 га қадар қонунчиликни бузиш билан боғлиқ ариза ёки хабар келиб тушмаган.
Ўзбекистон ва хориждаги референдум участкаларида соат 11:00 га кўра 6,82 миллион нафардан ортиқ фуқаро овоз берди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев янги Конституцияни қабул қилиш бўйича референдумда овоз берди.
Тошкент вақти билан эрталаб соат 4:00 да Ўзбекистоннинг Япония ва Жанубий Кореядаги ваколатхоналарида Конституциянинг янги таҳрирдаги референдумини ўтказиш бўйича дастлабки референдум участкалари очилди. Охирги участка 1 май, Тошкент вақти билан 05:00 да АҚШда ёпилади.
8:00 дан пойтахтдаги референдум участкаларида мадҳия янгради, сўнгра сайловчилар учун ўз эшикларини очди. Одатга кўра, эрта тонгдан овоз бериш учун кўпчилик ташриф буюрмоқда. «Газета.uz» кун давомида овоз бериш жараёнини ёритиб боради.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг